Табиатга меҳр ижодда акс этди: «Бухоро» оромгоҳида ижодий танлов ўтказилди

Жорий йилнинг 28-июнь куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан «Бухоро» болалар соғломлаштириш оромгоҳида мазмунли ва қизиқарли тадбир ташкил этилди. Оромгоҳда дам олаётган болажонлар ўртасида «Она табиатни асраш» куни муносабати билан ижодий ишлар танлови ўтказилди.

Танловнинг асосий мақсади – ёш авлод қалбида она табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат ва масъулият ҳиссини уйғотиш, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда ижодий қобилиятларини намоён этишлари учун имконият яратишдан иборат бўлди.

Мазкур танловда иштирок этган болажонлар она табиатни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи эканлигини чуқур ҳис қилган ҳолда ўзларининг ижодий ишларини яратдилар. Улар ўз расмлари, қўл меҳнати намуналари ва шеърларида табиат гўзаллигини, унинг неъматларини ва келажак авлод учун асраш зарурлигини ёрқин ифода этишга ҳаракат қилдилар.

Тақдим этилган ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳолаб борилди. Ҳайъатнинг якуний қарорига кўра, ғолибликни қўлга киритган иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг бу ютуқларига муносиб ҳисса қўшган устозларига касаба уюшмаси шаҳар бўлинмаси кенгашининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Бу каби тадбирлар болаларнинг ёзги таътилини мароқли ва мазмунли ўтказиш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш билан бирга, уларни атроф-муҳитга ғамхўр бўлишга ўргатишда муҳим аҳамият касб этади.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий