Жиззах вилояти таълим ходимлари касаба уюшмасининг I-Конференцияси: Фаол мулоқот ва муҳим қарорлар

Жорий йилнинг 27-июнь куни Жиззах вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотининг I-ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман вилоятдаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўтган беш йиллик фаолиятни таҳлил қилиш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Конференция ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси Р.М. Бедилов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти Кенгашининг раис ўринбосари А.Р. Ихтиёровлар иштирок этдилар.

Кун тартибига асосан, дастлаб Жиззах вилояти таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари раислар кенгаши раиси Б. Қодировнинг 2020 йил июнь ойидан 2025 йил июнь ойигача бўлган даврдаги фаолияти ва келгусидаги вазифалар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Ахборот юзасидан бўлиб ўтган музокаралар ўзининг кенг қамровлилиги ва турли соҳа вакилларининг фаол иштироки билан ажралиб турди. Сўзга чиққанлар орасида таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғаллаорол тумани бўлинмаси кенгаши раиси А. Шакарбоев, Жиззах давлат педагогика университети (ЖДПУ) талабаси, университет ёшлар етакчиси Мадина Хушвақтова, Фориш тумани 3-сонли ДМТТ тарбиячиси Наргиза Абдуллаева ва ЖДПУ академик лицейи ўқитувчиси Умар Разаковлар бор эди. Улар ўз нутқларида касаба уюшмалари томонидан бугунги кунда олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлашларини билдириб, келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича ўзларининг қимматли таклифларини ҳам тақдим этдилар.

Конференцияда, шунингдек, муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди:

  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти ташкилотлари раислар кенгашининг янги таркиби;
  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг II-Қурултойига делегатлар;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти Кенгашининг IX-Конференциясига делегатлар;
  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши таркибига вакиллар сайланди.

Тадбир якунида сўзга чиққан Р.М. Бедилов ва А.Р. Ихтиёровлар конференция ишига юқори баҳо бериб, касаба уюшмаси ташкилотлари олдида турган келгуси вазифалар тўғрисида нутқ сўзладилар ва янги сайланган органлар фаолиятига муваффақиятлар тиладилар.

Б. Қодиров,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий