Қорақалпоғистон Республикаси таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг I-Конференцияси: Янги вакиллар ва келгуси вазифалар белгиланди

Жорий йилнинг 1-июль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг I-Конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим анжуман Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим ва фан соҳаси ходимларининг юқори турувчи касаба уюшмаси органларидаги вакиллигини таъминлаш ва келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Конференция ишида юқори мартабали меҳмонлар – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.М.Бедилов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменовлар иштирок этдилар.

Конференцияда кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва Республика ташкилотининг юқори анжуманлардаги иштирокини таъминлаш мақсадида:

  • Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг бўлажак II-Қурултойига делегатлар;
  • Республика Кенгаши таркибига вакиллар;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгашининг навбатдаги Конференциясига делегатлар сайланди.

Анжуманнинг энг муҳим қисмларидан бири Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси Равшан Мэлсович Бедиловнинг нутқи бўлди. У ўз сўзида Конференция иштирокчиларини самимий табриклаб, бугунги кунда касаба уюшмалари олдида турган муҳим вазифалар, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш борасидаги истиқболли режалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ушбу конференция Қорақалпоғистон Республикаси таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси учун юқори анжуманларга тайёргарлик кўриш ва ўз вакилларини сайлаб олиш орқали мамлакат касаба уюшмалари ҳаракатидаги фаол иштирокини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Р. Абдураҳмонов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий