Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти бўлинмаси I конференцияси бўлиб ўтди



Конференцияда тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов, делегатлар, таклиф қилинган меҳмонлар ва ОАВ вакиллари иштирок қилдилар.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова бўлинманинг ўтган беш йиллик фаолияти тўғрисида ахборот берди.
Таъкидланганидек, тармоқ касаба уюшма аъзолари сони 2020 йилда 79713 нафарни ташкил қилган бўлса, 2025 йил бошига 111038 нафарга етди. Яъни ҳисобот даврида бошланғич ташкилотлар сони 68 тага, касаба аъзолари сони 31325 нафарга кўпайди. Аъзоларнинг 4266 нафари нодавлат секторида фаолият кўрсатади, 32528 нафари эса талабалардир.
2020 йил якунига кўра тармоқда ўртача иш ҳақи 1.454 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2024 йил охирида 2 776,8 сўмдан тўғри келди. Бугунги кунда олий таълим даргоҳларида ўртача иш ҳақи 9 миллион 259 минг сўмдан, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида 2 миллион 591 минг сўмдан тўғри келмоқда.
Тасарруфдаги барча бошланғич ташкилотлар жамоа шартномалари билан 100 фоиз қамраб олинган. 2021 йил январь ҳолатига касаба аъзолари жамоа шартномалари орқали 165,млрд. 792 миллион сўм миқдорида қўллаб-қувватланиб, бу ҳар бир ходимга 2 миллион 692.3 минг сўмдан тўғри келган бўлса, 2025 йил 1 январь ҳолатига умумий сарфланган маблағ миқдори 431млрд.439 миллион 401минг сўмни ташкил қилиб, ҳар бир ходимга 6 миллион 303 минг сўмдан тўғри келди. Англашиладики, ҳисобот даврида ходимлар ижтмоий ҳимояси учун йўналтирилган ўртача маблағ 2020 йилга нисбатан 2.3 баробарга ошган.
Касаба уюшма ташкилотлари муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг оилавий шароитларини ўрганиб, иқтисодий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, қаровсиз қолган қарияларни аниқлаб, мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олиб келмоқда, умумхалқ байрамлари муносабати билан ўтказилган тадбирларга таклиф қилиниб, ҳам маънавий, ҳам моддий рағбатлантирилмоқда. Бундан ташқари, ходимларни юбилей саналари, пенсияга чиқишлари муносабати билан тақдирлаш кенг йўлга қўйилди. Ёш оналар, ёш оилалар учун алоҳида имтиёзлар белгиланди.
Масъул ташкилотчи ўз сўзида йўл қўйилган камчиликлар, олдда турган долзарб вазифалар ҳақида ҳам тўхталди.
Музокарада сўзга чиққан Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров, Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова, Гурлан туманидаги 5-сон мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова ва бошқалар тармоқ касаба уюшмаси вилоят бўлинмаси фаолиятига юқори баҳо бердилар.
Шундан сўнг конференциянинг сайловлар қисми бошланди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова раислар кенгаши раиси қилиб қайта сайланди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси ва ЎКУФ Хоразм вилоят кенгаши конференциясига делегатлар, вакиллар, вилоят раислар кенгаши аъзолари сайланди.
Конференцияда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Равшан Бедилов сўзга чиқиб, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги, тармоқ касаба уюшмалари томонидан аъзоларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
М. Раҳимова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси