Фанлар академияси институтларида ўрганиш: Устав талаблари ва меҳнат шароитларига эътибор



Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан бошланғич ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда, Республика кенгаши масъуллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тизимидаги бир қатор илмий-тадқиқот муассасаларида ўрганиш ўтказилди. Ушбу ўрганиш қуйидаги институтларнинг бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларини қамраб олди:
- Умумий ва ноорганик кимё институти;
- Ўсимлик моддалари кимёси институти;
- Шарқшунослик институти;
- Ботаника институти;
- Миллий археология маркази.
Ўрганишдан асосий мақсад – ушбу бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси фаолиятининг Устав талаблари асосида тўғри ташкил этилганлигини таҳлил қилиш ҳамда илмий ходимлар учун яратилган меҳнат шароитларининг ҳолатини баҳолашдан иборат бўлди.
Жараён давомида иш юритиш ҳужжатлари, жамоа шартномаларининг бажарилиши, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш натижалари бўйича аниқланган камчиликлар ва йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш юзасидан бошланғич ташкилотларга амалий ва методик ёрдам кўрсатилди. Бундай ўрганишлар бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ўз аъзолари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш ҳамда илм-фан ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши
