“Қувноқ стартлар”: Наманганда мактабгача таълим ходимлари спортда беллашди






Мамлакатимизда 2025 йилнинг “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши, шунингдек, “Касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири – “Соғлом танда – соғлом ақл” шиори остида ўтказилган “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси бўлди. Ушбу мусобақа ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда жамоавий бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши ҳамда Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида имзоланган қўшма қарор асосида ташкил этилди.
Мусобақа икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг 10 июль куни ҳудудларда ўтказилган саралаш босқичларида жами 204 нафар мактабгача таълим ташкилоти ходимлари тасдиқланган Низом асосида 5 та шарт бўйича ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Бугун, 11 июль куни эса Наманган шаҳридаги 71-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган 5 та энг кучли жамоа ўртасида финал мусобақаси бўлиб ўтди. Спорт мусобақасини Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Акмалхон Умаров очиб бериб, барча иштирокчиларга омад тилади. Мусобақанинг очилиш ва ёпилиш маросимларида мезбон 71-сонли ДМТТ тарбиячи ва тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтган мусобақа якунларига кўра қуйидаги жамоалар ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олди:
- I ўрин: 72-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси
- II ўрин: 71-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси
- III ўрин: 64-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори М.Қорабоев, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими шўъба мудири М.Абдуллаева ҳамда ДМТТлар директорлари иштирок этдилар. Ғолибликни қўлга киритган жамоалар, шунингдек, барча иштирокчилар ҳамда тадбирни ташкил этишда фаоллик кўрсатган ҳудуд раҳбарлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Ушбу спорт байрами нафақат ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга, балки уларнинг иш фаолиятига янгича шижоат ва ғайрат бағишлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
А. Умаров,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси
