Касаба уюшмаси аралашувидан сўнг муаммо бартараф этилди: Ургутлик ўқитувчиларнинг иш ҳақлари тўлаб берилди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг асосий вазифаларидан бири – ўз аъзоларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, меҳнатга ҳақ олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборат. Яқинда Самарқанд вилоятида юз берган ҳолат бу вазифанинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.

Жорий йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг бир қисми кечикаётгани бўйича мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда Ургут туманидаги 6 та умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритувчи 359 нафар педагог ва ишчи-ходимларнинг июнь ойи учун ҳисобланган, умумий миқдори 606 миллион 437 минг сўмни ташкил этувчи ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида тўлаб берилмаётгани баён этилган эди.

Республика кенгаши ушбу мурожаатни зудлик билан назоратга олиб, тезкор чораларни амалга оширди. 2025 йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ушбу масалани ҳал этиш бўйича расмий сўров юборилди.

Ушбу сўров натижасида вазирлик томонидан таъсирчан чоралар кўрилиб, муаммо қисқа фурсатда ижобий ечимини топди. Ургут туманидаги 359 нафар педагог ва ишчи-ходимларнинг кечиктирилаётган иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилди.

Ўз навбатида, Ургут туманидаги бир қатор педагоглар ва ишчи-ходимлар ўзларининг қонуний ҳуқуқлари тикланишида кўрсатилган амалий ёрдам учун Республика кенгашига чуқур миннатдорчиликларини билдирдилар. Бу воқеа касаба уюшмасининг ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим ва таъсирчан куч эканлигини яна бир бор исботлади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий