Шофирконлик устозлар пойтахтда: Касаба уюшмасидан унутилмас саёҳат

Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!» шиори остида Республикамизнинг тарихий шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш эзгу анъанага айланган.

Ана шундай хайрли ташаббус доирасида жорий йилнинг 26-27 июль кунлари Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман бўлинмаси томонидан ўзига хос байрам совғаси тайёрланди. Туман тасарруфидаги таълим ташкилотларида меҳнат қилаётган 44 нафар фидойи устоз-мураббийлар учун пойтахтимиз Тошкент шаҳрига икки кунлик саёҳат уюштирилди.

Саёҳат давомида иштирокчилар пойтахтдаги тарихий қадамжолар, маданий обидалар, муҳташам иншоотлар ҳамда замонавий диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиб, мазмунли ҳордиқ чиқардилар. Ушбу саёҳат устозларга нафақат дам олиш, балки янги билим ва таассуротлар олиш, ҳамкасблар билан норасмий муҳитда мулоқот қилиш имконини ҳам берди.

Педагог ходимлар саёҳат айнан меҳнат таътили кунларида ташкил этилганлиги, мароқли дам олиш билан бирга, билим ва таассуротларга бой бўлганлигини ва илиқ хотиралар қолдирганлигини алоҳида таъкидлаб, ушбу ташаббус учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Бу каби саёҳатлар касаба уюшмасининг ўз аъзоларига бўлган доимий эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, устозларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий