Республика кенгашининг қўшма мажлиси: Қурултойга тайёргарликнинг муҳим босқичи

Бугун, 5-август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мажлислар залида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тафтиш комиссияларининг навбатдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилиш тармоқ касаба уюшмасининг яқинлашиб келаётган олий органи – Қурултойга тайёргарлик кўриш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Унда ўтган беш йиллик фаолиятни якуний сарҳисоб қилиш ва уни расман тасдиқлашга қаратилган бир қатор масалалар муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлис кун тартибига қуйидаги асосий масалалар киритилди:

  1. Республика кенгаши ҳисоботини тасдиқлаш: Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг 2020 йил августдан 2025 йил августгача бўлган даврдаги фаолияти юзасидан Республика кенгашининг якуний ҳисоботи тасдиқланди.
  2. Тафтиш комиссияси ҳисоботини тасдиқлаш: Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тафтиш комиссиясининг 2020 йил августдан 2025 йил августгача бўлган даврдаги фаолияти юзасидан тайёрланган ҳисоботи тасдиқланди.
  3. Ҳисоботлар бўйича маърузачиларни тасдиқлаш: Бўлажак Қурултойда Республика кенгаши ҳамда Тафтиш комиссиясининг беш йиллик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар билан чиқиш қилувчи маърузачилар тасдиқланди.

Ушбу мажлис билан тармоқ касаба уюшмасининг ўтган беш йиллик фаолиятининг якунлари расман сарҳисоб қилиниб, олий анжуманда тақдим этиш учун тайёр ҳолга келтирилди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Қурултойига пухта ва тизимли тайёргарлик кўрилаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмасининг Қурултойи унинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Унда бутун республикадан сайланган делегатлар иштирок этиб, нафақат тасдиқланган ҳисоботларни тинглайдилар, балки ўтган беш йиллик фаолиятга якуний баҳо берадилар. Энг муҳими, Қурултойда тармоқ касаба уюшмасининг келгуси беш йиллик учун раҳбар органлари – Республика кенгаши раиси ва унинг янги таркиби сайланади ҳамда ташкилотнинг стратегик ривожланиш йўналишлари ва устувор вазифалари белгилаб олинади. Шундай экан, бугунги қўшма мажлисда қабул қилинган қарорлар ушбу муҳим анжуманнинг муваффақиятли ўтиши учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий