«Ватан учун, миллат учун, халқ учун»: Ғиждувонда Мустақиллик байрамига бағишланган тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг шонли 34 йиллиги байрами арафасида бутун мамлакатимиз бўйлаб ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман бўлинмаси томонидан тумандаги 60-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди.

«Ватан учун, миллат учун, халқ учун» шиори остида ўтказилган ушбу маданий-маърифий тадбирда таълим тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг фарзандлари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққан меҳнат фахрийлари, тажрибали устозлар ва ўз ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган муваффақиятли ўқувчилар Ватанимизнинг бой тарихи, бугунги тараққиёти ва ёруғ истиқболи ҳақида сўз юритдилар. Нутқларда бугунги тинч ва осуда кунлар, ёш авлод учун яратилаётган кенг имкониятлар ва шароитлар учун шукроналик ҳисси алоҳида таъкидланди. Тадбирда Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар янграб, барчага кўтаринки кайфият улашди.

Маданий-маърифий тадбир эзгулик акцияси билан якунланди. Тадбир сўнгида тизимда фаолият кўрсатаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 145 нафар фарзандига янги ўқув йилига тайёргарлик кўришлари учун ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.

Ушбу тадбир нафақат байрамни нишонлаш, балки ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш каби икки муҳим мақсадни ўзида бирлаштирди. Бу касаба уюшмасининг ўз аъзоларига бўлган доимий ғамхўрлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий