Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг II-Қурултойи: Янги раҳбарият сайланди, стратегик вазифалар белгиланди






Кеча, 14-август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг II-Қурултойи бўлиб ўтди. Мамлакат таълим ва илм-фан соҳаси ходимларининг энг йирик жамоат ташкилотининг ушбу олий анжумани ўтган беш йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш, келгуси давр учун стратегик вазифаларни белгилаш ҳамда янги раҳбариятни сайлаш каби тарихий вазифаларни ўзида жамлади.
Қурултой ишида таълим ва фан соҳасининг барча бўғинларини қамраб олган юқори даражадаги ижтимоий шерикликнинг ёрқин намунаси намоён бўлди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Шарипов Қўнғиротбой Авезимбетович, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Каримова Эъзозхон Гапиржоновна, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик Аюпов Шавкат Абдуллаевич бошчилигидаги масъул ходимлар, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда бутун республикадан сайланган касаба уюшмаси делегатлари иштирок этдилар.
Қурултой кун тартибига киритилган барча масалалар делегатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тафтиш комиссиясининг 2020-2025 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ва тасдиқланди. Шунингдек, ташкилотнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган Стратегик йўналишлари ҳамда касаба уюшмаси Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анжуманнинг энг муҳим қисми – ташкилотнинг келгуси беш йиллик учун раҳбар ва вакиллик органларини сайлашга бағишланди. Делегатлар томонидан билдирилган юксак ишонч натижасида, кўпчилик овоз билан:
- Бедилов Равшан Мэлсович – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимига;
- Бобоёров Махмуд Хамидович ва Жавлонов Шавкат Сардоровичлар – Республика кенгаши раиси ўринбосарлари лавозимларига сайландилар.
Шунингдек, Қурултойда Республика кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси аъзолари, Тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари ҳам сайланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX-Қурултойига делегатлар ҳамда Федерация Бош Кенгаши таркибига тармоқ касаба уюшмасидан вакиллар сайлаш бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди.
Янги сайланган раҳбарият делегатларга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, бор куч ва билимини соҳа ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва фан ривожига ҳисса қўшишга сафарбар этишини таъкидлади.
Ушбу II-Қурултой нафақат ўтган даврни сарҳисоб қилди, балки таълим ва фан соҳасини ривожлантириш йўлида давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди ҳамда келгуси беш йил учун масъулиятли вазифаларни белгилаб, уларни амалга оширувчи янги раҳбариятни шакллантирди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши
