Мустақиллик байрами арафасида эзгулик: Наманганда 300 дан ортиқ болага ўқув қуроллари тарқатилди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги байрами арафасида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан кенг кўламли хайрия тадбири ўтказилди. Ушбу ташаббус 2025 йил – “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда “Касаба уюшмаларининг 120 йиллиги”га бағишланиб, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” умумий ғояси остида ташкил этилди.

Акциянинг асосий мақсади – байрам шукуҳини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан баҳам кўриш, уларнинг фарзандларини янги ўқув йилига тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.

Шу мақсадда, таълим тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган кўп болали, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган ходимларнинг 300 нафар фарзандига мактаб сумкалари ҳамда 10 хил турдаги зарур ўқув қуролларидан иборат жамланмалар топширилди.

Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи 2 нафар кам таъминланган, кўп фарзандли оиланинг 3 нафар фарзанди ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга ҳам мактаб формаси, сумкалар ва ўқув қуроллари олиб берилиб, оилаларга моддий ва маънавий далда бўлинди.

Шунингдек, тасдиқланган дастур ижроси доирасида касаба уюшмаси фаолиятида доимо фаоллик кўрсатиб келаётган 40 нафар касаба уюшмаси фаолига рағбатлантириш сифатида “Қўшиқ ва кулгу кечаси” концерт дастурига чипталар тақдим этилди.

Ушбу хайрли тадбир байрам арафасида нафақат юзлаб оилаларга қувонч улашди, балки касаба уюшмасининг ўз аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканлигини яна бир бор намоён этди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий