«Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи»: Янгийўл туманида Устозлар миллий форуми ўтказилди

Янги ўқув йили арафасида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл туман кенгаши ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида муҳим анжуман ўтказилди. Янгийўл туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактабида “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остидаги тўртинчи Устозлар миллий форумининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Форумни туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи А.А.Халиков очиб, барча устозларни яқинлашиб келаётган янги ўқув йили билан самимий табриклади ва келгуси фаолиятларига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, тадбирда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл туман кенгаши раиси С.Х.Зияева сўзга чиқиб, ўтган ўқув йилида туман таълим соҳасида қўлга киритилган ютуқларни эътироф этди ҳамда янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Анжуманнинг энг ҳаяжонли қисми тақдирлаш маросими бўлди. Ўтган ўқув йилида юқори самарадорликка эришган, ўқувчилари фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этган бир гуруҳ фидойи устозлар ва муассаса раҳбарлари Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Форум доирасида, шунингдек, ўқитувчиларнинг амалий фаолиятига бағишланган шўъба йиғилишлари ҳам ташкил этилди. Педагоглар фанлар бўйича ажратилган синфхоналарда тўпланиб, янги ўқув йилидаги ўқув-методик жараёнлар, илғор тажрибалар ва замонавий педагогик технологияларни қўллаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ушбу форум нафақат ўтган ўқув йилини сарҳисоб қилиш, балки илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўқитувчиларни рағбатлантириш ва уларни янги ўқув йилига янгича шижоат ва илҳом билан кириб келишлари учун муҳим майдон вазифасини ўтади.

С.Х.Зияева,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Янгийўл туман кенгаши раиси

Добавить комментарий