«Ҳар бир болага меҳр-эътибор!»: Урганчда ўқувчиларга байрам совғалари улашилди



Бугун, 25-август куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч туман бўлинмаси кенгаши томонидан эзгу тадбир ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган 2-сентябрь – Билимлар куни муносабати билан «Ҳар бир болага меҳр-эътибор!» номли хайрия акцияси ўтказилди.
Тадбирни туман бўлинмаси кенгаши раиси М.Мадаминова очиб, барчани улуғ айёмлар билан самимий табриклади. У ўз сўзида янги ўқув йили арафасида ҳар бир боланинг юзида табассум кўриш, уларни зарур ўқув анжомлари билан таъминлашга кўмаклашиш касаба уюшмасининг ҳам муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.
Акция доирасида тумандаги умумтаълим мактабларида меҳнат қилаётган кўп болали, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларнинг 45 нафар фарзандига алоҳида эътибор кўрсатилди. Уларга янги ўқув йилида аъло баҳоларга ўқишлари учун тилаклар билдирилиб, зарур ўқув қуролларидан иборат жамланмалар топширилди.
Ушбу хайрли ташаббус нафақат болажонларга қувонч улашди, балки уларнинг ота-оналари, таълим соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳам кўнглини кўтарди. Бу каби эзгу тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга, янги ўқув йилини барча ўқувчилар учун юқори кайфиятда бошланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч туман бўлинмаси кенгаши
