Адолатли дарс тақсимоти – қонун талаби: Касаба уюшмаси Чироқчидаги мурожаатни ўрганди

Янги ўқув йили арафасида умумтаълим мактабларида дарс соатларини адолатли тақсимлаш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ходимларнинг бу борадаги меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Бугун, 26 август куни Чироқчи туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчисининг дарс тақсимоти масаласидаги мурожаати жойида ўрганилди. Мурожаатни холисона ва атрофлича ўрганиш мақсадида мактаб маъмурияти ва педагог ходимлар иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда касаба уюшмаси мутахассислари томонидан педагогларга меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар, хусусан, дарс тақсимотига оид нормалар ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлган ўқитувчиларга дарс тақсимотидаги устуворликлар ҳамда ҳар бир педагогнинг доимий ўз устида ишлаши ва касбий ривожланиб бориши зарурлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Йиғилишнинг ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, унда Республика кенгаши мутахассислари ҳам масофадан туриб иштирок этдилар. Улар иш берувчи ва педагоглар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб бериб, муаммоли вазиятларга ҳуқуқий ечимлар таклиф қилдилар.

Муҳокамалар давомида инглиз тили ўқитувчиларининг дарс соатлари билан таъминланиши шарт эканлиги алоҳида қайд этилди. Ўрганиш якуни бўйича иш берувчига қонунчиликка риоя қилиш юзасидан тегишли ҳуқуқий кўрсатмалар берилди.

Бу каби учрашувлар жойларда меҳнатга оид низоларнинг олдини олиш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни қонун доирасида тартибга солиш ҳамда ўқитувчиларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан тўлиқ хабардор бўлишларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Чироқчи туман кенгаши

Добавить комментарий