Касаба уюшмаси етакчилари учун ўқув-семинар: Наманганда ҳуқуқий билимлар мустаҳкамланди

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тизимдаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари учун муҳим ўқув-семинар ташкил этилди. Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ўтказилган тадбирда яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларида янги сайланган раислар ҳам фаол иштирок этдилар.

Семинар «Касаба уюшмаси органлари фаолиятини Устав талаблари бўйича ташкил этиш, Меҳнат муҳофазаси, барча даражадаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисларининг ўз устларида ишлашлари, ҳуқуқий билимлари ва салоҳиятларини ошириш» каби долзарб масалаларга бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори М.Қорабоев, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош методисти М.Холиқова, бошланғич ташкилотлар раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар. Семинарни касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Акмалхон Умаров олиб борди.

А.Умаров ўз маърузасида бошланғич ташкилотлар раислари олдида турган энг муҳим вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан:

  • Касаба уюшмаси органлари фаолиятини Устав талаблари асосида ташкил этиш;
  • Жамоа шартномаларини тавсия этилган макет асосида қайта кўриб чиқиш ва иш берувчи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини назоратга олиш;
  • Янги Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун, ХМТ Конвенциялари ва II-Қурултой ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ходимларга тушунтириш;
  • Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва педагоглар фаолиятига салбий таъсир этувчи омилларнинг олдини олиш;
  • Иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
  • Ходимлардан тушган ариза ва шикоятларни қонуний ҳал этиш чораларини кўриш;
  • Мустақилликнинг 34 йиллиги ва “Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги”га бағишланган тадбирлар режасини бажарилишини таъминлаш.

Семинарда сўзга чиққан М.Қорабоев ва М.Холиқовалар ҳам ўз йўналишлари бўйича муҳим масалаларга эътибор қаратдилар. Хусусан, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникасига оид қонунчилик, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ижтимоий шерикчилик тамойиллари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли қарори ва педагогларни аттестациядан ўтказиш тартиблари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўқув-семинари савол-жавобларга бой бўлиб, якунда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олдилар. Шунингдек, уларга шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар тарқатилди.

Добавить комментарий