Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Давлатобод туман бўлинмаси кенгашига янги раис сайланди



Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Давлатобод туман бўлинмаси кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиши муносабати билан Кенгашнинг 19 нафар аъзоси ва тафтиш комиссиясининг 3 нафар аъзоси тўлиқ таркибда иштирок этди. Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Лутфитдин Ғаниев, Давлатобод тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи З.Эргашев ҳамда тизимдаги муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва таълим муассасалари раҳбарлари қатнашдилар.
Пленум кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Давлатобод туман бўлинмаси кенгаши раисини сайлашдан иборат бўлди.
Кенгаш аъзолари томонидан ушбу лавозимга Қўзибоева Диллола Тўлқиновнанинг номзоди тавсия этилди. Номзод тўғрисида сўзга чиққанлар унинг касбий ва шахсий фазилатлари ҳақида илиқ фикрлар билдириб, ташкилотчилик қобилиятига юқори баҳо бердилар.
Муҳокамалардан сўнг Диллола Қўзибоеванинг номзоди овозга қўйилди ва Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шундай қилиб, Қўзибоева Диллола Тўлқиновна Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Давлатобод туман бўлинмаси кенгашининг аъзоси ва раиси этиб сайланди. Пленум иштирокчилари янги сайланган раисни ушбу масъулиятли вазифа билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиладилар.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Давлатобод туман бўлинмаси кенгаши
