Янги ўқув йилига туҳфа: Нукуснинг чекка ҳудудидаги мактаб ўқувчиларига ёрдам кўрсатилди



Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан эзгу хайрия тадбири амалга оширилди. Ушбу ташаббус 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги байрами муносабати билан ташкил этилди.
Акция доирасида Нукус шаҳрининг чекка ҳудудида жойлашган 30-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларига алоҳида эътибор қаратилди. Мактабда таҳсил олаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 75 нафар фарзанди учун зарур ўқув қуроллари жамланмалари ҳозирланиб, тантанали равишда топширилди.
Тадбирда иштирок этган касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси М.Даулбаев ўқувчиларни ва уларнинг ота-оналарини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда 2025-2026 янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий табриклади. У ўз сўзида ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши учун муносиб шароит яратиш муҳим эканлигини, бу борада касаба уюшмаси ҳам доимо ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Янги ўқув йили арафасида кўрсатилган бу каби амалий ёрдам оилаларнинг молиявий юкини енгиллатишга хизмат қилиши билан бирга, болажонларнинг ўқишга бўлган иштиёқини янада оширишга, уларга байрамона кайфият улашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши
