Сертификатсиз ўқитувчилар ишдан олинмайди: Наманганда уч томонлама муҳим келишувга эришилди

Бугун, 8-сентябрь куни Наманган шаҳрида таълим тизимидаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси А.Умаров, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Турғунова, Наманган шаҳар адлия бўлими бошлиғи М.Рахманов ҳамда шаҳардаги 15 та умумий ўрта таълим мактаби директорлари иштирок этдилар.

Йиғилишнинг асосий мавзуси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 312-сонли қарорининг 9-банди ижросини таъминлашга бағишланди.

Ушбу қарорга асосан, 2025-2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритадиган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Ушбу талабнинг жойлардаги ижроси юзасидан келиб чиқаётган тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида йиғилишда қуйидагилар алоҳида тушунтирилди ва ўзаро келишиб олинди:

  • Сертификати бўлмаган ўқитувчилар ишдан озод этилмайди: Бугунги кунда мактабларда ишлаётган, лекин ҳали талаб этилган сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.
  • Ўқитувчиларга шароит яратилади: Мактаб директорлари ушбу ходимларга сертификат олгунларига қадар дарс соатларини тақсимлаб беришлари ва меҳнат қонунчилигига асосан уларнинг малакасини ошириб, сертификат олишлари учун тўлиқ шароит яратиб беришлари шарт.
  • Дарс соатлари билан таъминланади: Кўп йиллардан буён ишлаб келаётган тажрибали ўқитувчилар иш билан таъминланган ҳолда, белгиланган тартибда сертификат имтиҳонларига тайёргарлик кўрадилар.

Касаба уюшмаси, таълим ва адлия бўлимларининг ушбу ягона позицияси давлат қарори ижросини таъминлаш жараёнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва тажрибали педагог кадрларни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Иш берувчиларга (мактаб директорларига) ушбу тартибга қатъий риоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий