Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Поп туман бўлинмаси кенгашига янги раис сайланди



Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Поп туман бўлинмаси кенгашининг навбатдан ташқари I-Пленуми бўлиб ўтди.
Пленум йиғилишида Кенгашнинг 21 нафар аъзосидан 20 нафари, тафтиш комиссиясининг 3 нафар аъзосидан 2 нафари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Л.Ғаниев, Поп тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ж.Жўраев ҳамда тизимдаги муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари қатнашдилар.
Кун тартибига киритилган асосий ташкилий масала – Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Поп туман бўлинмаси кенгашининг бўшаб қолган раиси лавозимига сайлов ўтказишдан иборат бўлди.
Ушбу масъулиятли лавозимга Хайдарова Муҳаббат Мамасолиевнанинг номзоди тавсия этилди. Номзод ҳақида сўзга чиққанлар унинг таълим тизимидаги турли раҳбарлик лавозимларида орттирган бой тажрибасини, сўнгги пайтларда Поп тумани таълим ташкилотларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш ва мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш шўъбаси методисти сифатидаги самарали фаолиятини алоҳида эътироф этдилар.
Муҳокамалардан сўнг Муҳаббат Хайдарованинг номзоди овозга қўйилди ва Пленум иштирокчилари томонидан бир овоздан сайланди.
Йиғилишда сўз олган Республика Кенгашининг масъул ташкилотчиси Л.Ғаниев янги сайланган раисни табриклаб, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Поп туман бўлинмаси кенгаши ва умуман, касаба уюшмалари олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди ва келгуси фаолиятга муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Поп туман бўлинмаси кенгаши
