Хоразмда 52 нафар янги сайланган касаба уюшмаси раислари ўз малакасини оширди

Хоразм вилоятида яқинда ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида янгидан сайланган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бошланғич ташкилот раислари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Ушбу муҳим тадбирда Урганч ва Хива шаҳарлари, шунингдек, Хива ва Хонқа туманлари кенгашлари тизимидаги ташкилотлардан жами 52 нафар янги сайланган касаба уюшма қўмитаси раислари иштирок этдилар.

Семинарнинг асосий мақсади – янги етакчиларга касаба уюшмаси фаолиятини Устав талаблари ва меҳнат қонунчилиги асосида самарали ташкил этиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида зарур назарий билим ва амалий кўникмаларни беришдан иборат бўлди.

Машғулотларда вилоят кенгашининг тажрибали бўлим мудирлари ва масъул ходимлари маърузачи сифатида қатнашиб, иш юритиш, молиявий интизом, меҳнат муҳофазаси ва жамоа шартномалари билан ишлаш каби муҳим йўналишлар бўйича ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, ўқув-семинар ишида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси М.Рахимова ҳам иштирок этиб, янги сайланган раисларни масъулиятли вазифа билан табриклади ва Республика кенгаши томонидан белгиланган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Семинар савол-жавобларга бой тарзда ўтиб, янги етакчиларнинг ўз вазифаларини самарали ва ишончли бошлашлари учун мустаҳкам пойдевор яратди.

М.Рахимов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси

Добавить комментарий