Устозларга байрам туҳфаси: Узун тумани ўқитувчилари Самарқандга саёҳат қилди


1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Узун туман бўлинмаси томонидан соҳа ходимлари учун ажойиб совға тайёрланди. Тумандаги бир гуруҳ фидойи ва жонкуяр ўқитувчилар учун кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Ушбу ташаббус устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини эътироф этиш, уларга байрамона кайфият улашиш ҳамда маънавий дам олишлари учун шароит яратиш мақсадида амалга оширилди.
Саёҳат давомида устозлар Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди каби жаҳонга машҳур обидаларни зиёрат қилиб, бой тарихимизга яна бир бор гувоҳ бўлишди. Улар қадимий шаҳарнинг ўзига хос аурасидан баҳраманд бўлиб, янги билим ва тажрибага эга бўлдилар.
Таъкидланганидек, саёҳатдан сўнг барча устозлар ўзларига кўрсатилган юксак эътибор учун касаба уюшмаси туман бўлинмасига чуқур миннатдорчилик билдириб, бой ва унутилмас таассуротлар билан қайтишди. Бу каби тадбирлар ўқитувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Узун туман бўлинмаси кенгаши
