Андижонда устоз ва мураббийларга юксак эҳтиром кўрсатилди


1 октябрь, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Андижон вилояти Кенгашининг катта мажлислар залида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. “Мамлакат келажаги учун фидойилик билан меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларни шарафлаш, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини қадрлаш” шиори остида ташкил этилган ушбу тадбир вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган таълим ва фан соҳаси фидойиларини бир даврага жамлади.
Тадбирда юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Мэлисович Бедилов, ЎзКУФ Андижон вилоят Кенгаши раиси Абдужаббор Хусанович Эгамбердиев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Каримович Мирзаев иштирок этдилар.
Байрам тантанасини Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р. Бедилов очиб бериб, барча устозларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, А. Эгамбердиев ва И. Мирзаевлар ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг устозлар шаънига айтган “Қадрингиз ҳам, қаддингиз ҳам доимо баланд бўлсин, азиз устозлар” деган юксак эътирофларини эслатиб, жамият ривожида ўқитувчининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидладилар.
Тадбирнинг асосий қисми ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл ҳурматига сазовор бўлган, ҳаётини билим, маърифат ва тарбияга бағишлаган бир гуруҳ устоз ва мураббийларни тақдирлашга бағишланди. Мукофотлар қуйидагича тақсимланди:
- Вилоятнинг 20 нафар энг фаол ўқитувчисига Республика Кенгаши томонидан замонавий чангютгичлар топширилди.
- 70 нафар устоз термопотлар билан тақдирланди.
- 49 нафар илғор педагог эса Ўзбекистон бўйлаб 3 кунлик бепул саёҳат учун йўлланмага эга бўлди.
Бундан ташқари, ЎзКУФ Андижон вилоят Кенгаши томонидан таълим соҳасини ривожлантиришдаги самарали ҳамкорлик учун вилоят ва барча шаҳар-туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиқлари ҳам алоҳида тақдирландилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон давлат филармонияси Андижон вилоят бўлинмасининг хушовоз хонанда ва созандалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилиб, йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Тадбир сўнгида барча устозларга сиҳат-саломатлик, шарафли ва машаққатли ишларида улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши
