Устозларга байрам туҳфаси: Тахиатошлик ўқитувчилар қадимий Хивага саёҳат қилишди



“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва кенг оммани юртимизнинг бой тарихи билан таништиришга қаратилган эзгу ташаббуслар давом этмоқда. Ана шундай хайрли ишлар доирасида устоз ва мураббийлар учун яна бир байрамона саёҳат ташкил этилди.
Яқинлашиб келаётган 1-октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тахиатош туман бўлинмаси томонидан 2025-йил 21-сентябрь куни Хоразм воҳасига унутилмас зиёрат саёҳати уюштирилди.
Мазкур саёҳатда тумандаги таълим муассасаларининг бошланғич ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва таълим соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлардан иборат бир гуруҳ иштирок этди. Саёҳатчилар сафарнинг биринчи қисмида Хоразм вилоятидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, маънавий озуқа олдилар. Шундан сўнг, гуруҳ тарихнинг тирик гувоҳи бўлмиш – очиқ осмон остидаги музей, навқирон Хива шаҳрига ташриф буюрди.
Қадимий ва сирли Хиванинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, “Ичан қалъа” мажмуаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тажрибали йўл бошловчи (гид) томонидан уларга Хива шаҳрининг пайдо бўлиши, унинг шонли тарихи, ҳунармандчилиги ва маданиятига оид кўплаб қизиқарли афсона ва ривоятлар сўзлаб берилди.
Таълим соҳаси ходимлари учун уюштирилган ушбу саёҳат нафақат янгиликларга бой бўлди, балки касб байрами арафасида улар учун мазмунли ва мароқли дам олиш куни сифатида ёдда қоладиган бўлди. Бу каби тадбирлар устозларнинг кайфиятини кўтариб, уларга янги куч ва ғайрат бағишлаши шубҳасиз.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тахиатош туман бўлинмаси кенгаши
