Кексаларни эъзозлаш – эзгу қадрият: Шаҳрисабзлик меҳнат фахрийларига эҳтиром кўрсатилди

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Улар бутун умрини, билими ва қалб қўрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи инсонлардир. 1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” арафасида нафақат фаолият юритаётган, балки бутун умрини ушбу шарафли касбга бахшида этган меҳнат фахрийларини эъзозлаш эзгу анъанага айланган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши томонидан хайрли ташаббус амалга оширилди. Касаба уюшмаси вакиллари таълим муассасаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ўз касбининг моҳир эгалари сифатида минглаб шогирдларга устозлик қилган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари хонадонларига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида устозларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам табриклари ва эсдалик совғалари топширилди. Дилкаш суҳбатлар чоғида фахрий ўқитувчилар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, ўтмишдаги ёрқин хотиралари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг юз-кўзларидаги миннатдорчилик ва қувонч ҳисси тадбир ташкилотчиларига ҳам ўзгача илиқлик бағишлади.

Бу каби эҳтиром тадбирлари таълим соҳасининг “олтин фонди” бўлган фахрийларни қадрлаш, уларнинг маслаҳатлари ва дуоларини олиш ҳамда ёш авлодни кексаларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Касаба уюшмасининг бу саъй-ҳаракатлари устозларга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий