Нукуслик ўқитувчилар муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди



Юртимизда муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, ўтмишда ўтган улуғ алломалар ва азиз-авлиёларнинг ҳаққига дуо қилиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан саналади. Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг қутлуғ 120 йиллиги ҳамда 1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами арафасида Нукус шаҳридаги таълим соҳаси ходимлари учун ана шундай маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан шаҳардаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган 100 нафар ходим учун Қорақалпоғистоннинг диққатга сазовор масканларига икки кунлик зиёрат сафари уюштирилди.
Сафар давомида иштирокчилар дастлаб қадимий тарих гувоҳи бўлмиш Чилпиқ қалъасига ташриф буюриб, унинг яратилиш тарихи билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, зиёратчилар Беруний туманида жойлашган Султон Увайс бобо ҳамда Элликқалъа туманидаги Кечирмас бобо ва Норимжон бобо каби муқаддас зиёратгоҳларда бўлишди. Ушбу улуғ зотларнинг мангу қўним топган масканларида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар руҳига ҳурмат бажо келтирилди ва юртимизга тинчлик-омонлик тилаб дуолар қилинди.
Зиёрат давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга ушбу тарихий мажмуалар ва қадамжоларнинг тарихи, бу ерда яшаб ўтган улуғ сиймолар ҳаёти ҳамда мақбараларнинг бунёд этилиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Икки кунлик зиёрат сафари ўқитувчилар учун нафақат тарихий билимларини бойитиш, балки маънавий озуқа олиш имконини ҳам берди. Ходимлар қалбида катта ва ёрқин таассуротлар қолдирган ушбу саёҳат уларнинг касб байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар бўлинмаси кенгаши
