Сирдарёда муносиб меҳнат масалалари муҳокама қилинди



7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан Сирдарё вилоятида соҳа ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тегишли хати ижросини таъминлаш мақсадида вилоят кенгаши мажлислар залида ўқув-семинари ташкил этилди.
“Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” мавзусидаги ушбу семинарга таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг яқинда ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида янгидан сайланган бошланғич ташкилот раислари таклиф этилди.
Семинарни вилоят кенгаши раиси Р.П.Турсунмуродов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни муҳим сана билан табриклади ва бугунги кунда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси А.Мамарасулов ҳамда бўлим мудирлари томонидан юқори ташкилотларнинг тавсия ва дастурлари асосида тайёрланган қизиқарли маърузалар тингланди. Маърузачилар ўз чиқишларида касаба уюшмалари ҳаракатининг шонли 120 йиллик тарихи, меҳнаткашларни ҳимоя қилишда ташкилотнинг роли, унинг нуфузини янада ошириш йўллари ва бу борадаги муҳим вазифалар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Семинарнинг иккинчи қисми жонли мулоқот ва савол-жавоблар тарзида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган, хусусан, меҳнат қонунчилиги, ижтимоий ҳимоя, жамоа шартномалари ижроси ва бошқа соҳаларга оид саволларига мутасаддилардан атрофлича жавоб олдилар.
Бу каби амалий семинарлар янги сайланган раисларнинг ўз фаолиятини самарали ташкил этиши, билим ва кўникмаларини бойитиши учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А.Мамарасулов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси
