Шаҳрисабзда муносиб меҳнат масалалари муҳокама қилинди: Янги раислар учун давра суҳбати



7-октябрь – “Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва меҳнат муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири 2025-йилнинг 8-октябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши томонидан ташкил этилди. Шаҳрисабз давлат педагогика институтида “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирга жорий йилда таълим муассасаларида ўтказилган ҳисобот-сайловларда илк бор сайланган бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг раислари таклиф этилди.
Давра суҳбатининг асосий мақсади – янги сайланган раисларга муносиб меҳнат тамойиллари, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоа шартномаларининг аҳамияти ҳамда меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот беришдан иборат бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар муносиб меҳнат тушунчаси кенг қамровли экани, у ўзида ходим учун хавфсиз иш шароити, адолатли иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ва ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқи каби жиҳатларни мужассам этишини таъкидладилар. Шунингдек, бошланғич ташкилот раисларининг ўз жамоаларида соғлом ва ижобий меҳнат муҳитини яратишдаги роли нечоғлик муҳим экани алоҳида қайд этилди.
Интерактив руҳда ўтган давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар ва келгусидаги фаолиятлари учун зарур бўлган амалий тавсияларга эга бўлдилар. Бу каби тадбирлар бошланғич бўғин раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши
