Таълим соҳаси касаба уюшмаси фаоллари учун амалий семинар ўтказилди

Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар билан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларини ўз вақтида таништириб бориш, уларнинг бу борадаги билим ва малакаларини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Шу мақсадда, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Зафаробод туман бўлинмаси кенгаши томонидан тумандаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари учун амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирда тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари иштирок этдилар.

Семинарда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти бўлинмаси масъул ходимлари маърузачи сифатида қатнашдилар. Улар ўз чиқишларида сўнгги пайтларда тизимда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, меҳнат қонунчилигига киритилаётган янгиликлар, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги долзарб масалалар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

Шунингдек, семинар давомида бошланғич ташкилотлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, жамоа шартномаларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш, иш ҳужжатларини юритиш тартиб-қоидалари бўйича амалий тавсиялар берилди.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан аниқ ва асосли жавоблар олдилар. Бу каби ўқув-семинарлар бошланғич бўғин фаолларининг ўз ишига бўлган масъулиятини ошириш ва фаолияти самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Жиззах вилояти бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий