Касаба уюшмаларининг 120 йиллиги: Самарқандда анъанавий ва замонавий меҳнат масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракати ўзининг шонли 120 йиллигини нишонламоқда. Давлат дастурига асосан, ушбу муҳим сана муносабати билан жойларда қатор маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири 2025-йилнинг 21-октябрь куни Самарқанд шаҳридаги 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан мазкур муассаса ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда касаба уюшмаси вакиллари сўзга чиқиб, ташкилотларда касаба уюшмаларининг тутган ўрни, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги асосий вазифалари хусусида батафсил тўхталдилар. Айниқса, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан касаба уюшмаларига билдирилаётган юксак ишонч, бу борадаги маърузаларининг мазмун-моҳияти ва соҳа фаоллари олдига қўйилаётган долзарб вазифалар атрофлича тушунтириб ўтилди.

Давра суҳбатининг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, унда нафақат анъанавий масалалар, балки замон талабларидан келиб чиқадиган янги йўналишлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусидаги маъруза иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Интерактив руҳда ўтган учрашув сўнгида ходимлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Тадбир якунида жамоа аъзолари мазмунли ва фойдали суҳбат учун касаба уюшмаси ташкилотчиларига ўзларининг самимий миннатдорчилигини билдирдилар.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий