B2 сертификати муаммоси яна кун тартибида: Вазирлик, касаба уюшмаси ва мутасаддилар ечим изламоқда

Хорижий тил ўқитувчилари учун мажбурий В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификат талаби таълим тизимидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Яқинда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг саъй-ҳаракатлари билан муҳим ютуққа эришилган эди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборган расмий хати натижасида, В2 сертификатига эга бўлмаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилиниши хавфи остида қолган 20 мингдан зиёд педагогнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ва жойлардаги кескинлик бартараф этилди.

Бироқ, ушбу педагогларга 2026-йил 1-январига қадар сертификат олиш учун муҳлат берилиши ортидан янги саволлар, мурожаатлар ва муаммолар келиб чиқа бошлади. Муҳлатнинг чеклангани ва сертификат олиш жараёнлари билан боғлиқ қатор омиллар ўқитувчилар орасида яна хавотир уйғотмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2025-йил 17-сентябрдаги тегишли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 24-октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида ҳамкор вазирлик ва идоралар билан кенгайтирилган ижтимоий мулоқот ташкил этилди.

Ушбу муҳим учрашувда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги вакиллари, таниқли юрист блогерлар қаторида мазкур масаланинг асосий ташаббускорларидан бўлган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакили ҳам фаол иштирок этди.

Муҳокамалар давомида барча томонлар масаланинг ечими юзасидан ўзларининг дастлабки таклифларини, жойлардаги ҳақиқий муаммоларни ва уларнинг ечимлари бўйича фикрларини ўртага ташладилар.

Ўз навбатида, Касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари ўқитувчиларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қатъий позицияни билдирдилар. Хусусан, муаммони вақтинчалик ёки қисман ҳал этиш ўрнига, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига аниқ ва тўғридан-тўғри қўшимча ўзгартириш киритиш, яъни масалани тубдан ҳал қиладиган аниқ норма қабул қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган учрашув якунида томонлар ушбу масала бўйича доимий мулоқотни давом эттиришга ва тез кунларда барчани қаноатлантирадиган аниқ ҳуқуқий ечимни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Л.Турикова,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси

Добавить комментарий