Гендер тенглик эътибор марказида: Олий таълим тизимида гендерга оид аудит бошланди

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мажлисининг 14-сонли баённомаси билан тасдиқланган 3 йиллик режа ижроси доирасида муҳим қадам ташланди. Ушбу режага мувофиқ, жорий йилнинг тўртинчи чорагида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида гендерга оид аудит ўтказиш белгиланган.

Режа ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг масъул вакилларидан иборат аудиторлик гуруҳи Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида дастлабки учрашувни ўтказди.

Вазирлик раҳбар ходимлари иштирок этган ушбу учрашувда асосий эътибор вазирлик, унинг тизим ташкилотлари ҳамда қуйи тузилмаларида Гендерга оид аудитни бошлаш ва уни самарали ташкил этиш масалаларига қаратилди.

Музокаралар давомида томонлар аудитни ўтказишнинг тартиб-тамойиллари, жараён давомида талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳамда аудит доирасида ўтказиладиган тадбирлар (индивидуал суҳбатлар, сўровномалар ва семинарлар) юзасидан фикр алмашдилар.

Касаба уюшмалари Федерацияси ходимлари томонидан гендерга оид аудитнинг ҳуқуқий асослари, соҳадаги миллий қонунчилик талаблари, шунингдек, янги тасдиқланган услубиётнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Ўз ўрнида, вазирлик вакиллари ушбу ташаббуснинг аҳамиятини юқори баҳолаб, гендерга оид аудит давомида аудиторлар гуруҳига ўрганиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этишга, шунингдек, ходимлар билан индивидуал суҳбатлар, интервьюлар ва семинарларни юқори савияда ташкил этишда яқиндан ёрдам беришга тўлиқ тайёр эканликларини таъкидладилар.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий