Илм-фан ва касаба уюшмаси ҳамжиҳатлиги: Умумий ва ноорганик кимё институтида қўшалоқ байрам нишонланди



Бутун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11-ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами кенг нишонланмоқда. Ушбу муҳим саналар муносабати билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида ҳам маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ана шундай тадбирлардан бири Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтида бўлиб ўтди. Институт бошланғич касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу байрам тадбирига илмий жамоа вакиллари ва фахрийлар жам бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли олим Шафоат Саттарович Намазов сўзга чиқиб, йиғилганларни қўшалоқ айём билан самимий муборакбод этди. Академик ўз нутқида бугунги кунда касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
“Касаба уюшмалари ходимларнинг ишончли ҳимоячисига айланди,” – деди Ш.С. Намазов. – “Улар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайгани, соғломлаштириш ва бошқа йўналишларда республика миқёсида юқори кўрсаткичларга эришилаётгани халқнинг ва меҳнаткашларнинг ишончини тўла оқлаб келаётганидан далолатдир.”
Мазмунли учрашув сўнгида институт бошланғич касаба уюшмаси томонидан жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ва фаоллар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси
