“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”: Шаҳрисабзда таълим соҳаси фидойилари эъзозланди

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11-ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами арафасида бутун мамлакатимиз бўйлаб соҳа фидойиларини эъзозлашга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилнинг 31-октябрь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг фаоллар залида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ана шундай тантанали маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Байрам тадбирига Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳамда тумандаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган, ўз касбининг моҳир эгалари бўлган, фидокорона меҳнати, жамоат ишларидаги фаоллиги ва касаба уюшмалари билан самарали ижтимоий ҳамкорлиги орқали ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган етакчи педагог ходимлар таклиф этилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар касаба уюшмаси тизимида ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муносабатларини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли эзгу ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирнинг тантанали қисмида ўзининг самарали фаолияти орқали ёш авлод тарбияси ва таълим тизими ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларга туман бўлинмаси кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Ушбу тадбир нафақат касаба уюшмалари фаолиятига бўлган ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлиб қолмай, балки таълим тизимидаги фидокор инсонларга миннатдорлик билдириш, уларнинг шарафли меҳнатини қадрлаш орқали ёш авлодни Ватанга садоқат, меҳнатсеварлик ва ижтимоий масъулият руҳида тарбиялашдек улуғвор мақсадларга ҳам хизмат қилди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий