Таълим ва фан соҳаси фидойилари тақдирланди

Шу кунларда юртимизда касаба уюшмалари ташкил топганлигининг 120 йиллиги ҳамда 11-ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай тантанали тадбирларнинг навбатдагиси жорий йил 6-ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Мажлислар залида бўлиб ўтди. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу байрам тадбирига Республика кенгаши ходимлари, туман ва шаҳар кенгашларидан таклиф этилган вакиллар, шунингдек, юқори даражадаги ижтимоий шериклар – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарияти ва масъуллари иштирок этдилар.

Тадбирни Республика кенгаши раиси Равшан Мелсович Бедилов кириш сўзи билан очиб, барчани ушбу қўшалоқ айём билан самимий муборакбод этди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси 1-вице президенти, академик – Бош илмий котиби Сагдуллаев Шомансур Шохсаидович, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Боқиев Фарход Эсанович, ЎзФА Тарих институти директори, академик Азамат Зиё, Тошкент давлат техника университети ректори Туробжанов Садриддин Махамаддинович ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни табрикладилар. Нотиқлар ўз нутқларида касаба уюшмаларининг 120 йиллик шонли йўли, бугунги жадал ислоҳотлар давридаги муҳим ўрни, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга қаратилаётган эътибор ва яратилган имкониятлар ҳақида ўзларининг илиқ фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Тадбирнинг тантанали қисмида соҳа ривожига ва касаба уюшмаси фаолиятига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойиларга юксак мукофотлар топширилди. Жумладан, “Касаба уюшмасига 120 йил” эсталик нишони, “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидоийси” ҳамда “Олий таълим аълочиси” каби кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Байрам тадбири таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларга уланиб, иштирокчиларда ҳақиқий байрам шукуҳини уйғотди ва уларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Добавить комментарий