Ангрен шаҳрида таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясига бағишланган муҳим йиғилиш бўлиб ўтди



Ангрен шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактабида мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда касаба уюшмаси ўртасидаги Жамоа келишуви ижроси ва келгуси истиқболдаги режалар муҳокама марказида бўлди.
2026 йил 14 январь куни бўлиб ўтган ушбу йиғилишда Ангрен шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси шаҳар бўлинмаси кенгаши ўртасида 2023–2025 йиллар учун тузилган Жамоа келишувининг якунлари сарҳисоб қилинди. Тадбирда бўлим аппарат ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси раислари жам бўлишди.
Кун тартибига жами 6 та муҳим масала киритилди. Дастлаб, 2023–2025 йиллар учун тузилган Жамоа келишувининг 2025 йилдаги ижроси юзасидан Ангрен шаҳар ММТБ шўъба мудири Э. Унаров ҳамда касаба уюшмаси шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси Б. Юлдашевнинг ҳисобот маърузалари тингланди. Шунингдек, Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича комиссия аъзоси С. Гапирова комиссия далолатномаси билан иштирокчиларни батафсил таништириб ўтди.
Муҳокамалар давомида сўзга чиққан 43-мактаб директори Т. Алиева ва 16-мактаб директори Л. Хакимова Жамоа келишуви доирасида амалга оширилган ишларни юқори баҳолаб, 2025 йил ижросини қониқарли деб топиш ва комиссия далолатномасини тасдиқлаш таклифини илгари сурдилар. Мазкур таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири — 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги Жамоа келишувининг қабул қилиниши бўлди. Шу билан бирга, Ижтимоий меҳнат масалалари комиссиясининг Низоми ва иш режаси ҳам тасдиқланди.
Йиғилишда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Р. Газиева сўзга чиқиб, янги келишув ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ангрен шаҳар бўлинмаси кенгаши
