Ўрта Чирчиқ туманида таълим фидойиларининг ижтимоий ҳимояси янги босқичга кўтарилди



Тумандаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг муҳим натижалари сарҳисоб қилинди.
2026 йилнинг 21 январь куни Ўрта Чирчиқ туманида таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган навбатдаги муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (ММТБ) аппарат ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибига 4 та муҳим масала киритилган бўлиб, асосий эътибор 2023-2025 йилларга мўлжалланган Жамоа келишувининг якунларига қаратилди. Дастлаб, ММТБ маънавий-маърифий ишлар бўйича метод раҳбари А.П. Таджибоев ҳамда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси Ғ. Саидовнинг 2025 йилдаги ижро ҳолати бўйича маърузалари тингланди. Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича комиссия аъзоси М. Муяссарова эса комиссия томонидан тузилган далолатнома мазмуни билан иштирокчиларни батафсил таништирди.
Музокаралар давомида 6-мактаб раҳбари А. Абубакиров сўзга чиқиб, ўтган давр мобайнида ходимларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишларни юқори баҳолади. У Жамоа келишувининг ижросини «қониқарли» деб топиш ва комиссия далолатномасини тасдиқлаш таклифини киритди. Ушбу таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишнинг стратегик аҳамиятга эга қисми сифатида, келгуси уч йиллик — 2026-2028 йилларга мўлжалланган янги Жамоа келишуви лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланди. Шунингдек, Ижтимоий меҳнат масалалари комиссиясининг янги Низоми ва иш режаси ҳам тасдиқланди.
Мазкур янги келишув Ўрта Чирчиқ тумани таълим соҳаси ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Ўрта Чирчиқ туман бўлинмаси кенгаши
