Шаҳрисабзда таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

Шаҳрисабз туманида мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг якунлари ва истиқболдаги режалари сарҳисоб қилинди.

Жорий йилнинг 20 январь куни Шаҳрисабз тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими фаоллар залида муҳим ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик натижалари атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала — 2023–2025 йилларга мўлжалланган тармоқ жамоа келишувининг 2025 йилдаги ижроси ҳолати бўлди. Шу муносабат билан, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ҳамда туман бўлинмаси кенгаши раисининг ҳисобот маърузалари тингланди. Маърузачилар ўтган давр мобайнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва таълим муассасаларида муносиб иш шароитларини яратиш борасида эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирнинг иккинчи қисмида соҳа ходимлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат — 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги тармоқ жамоа келишуви лойиҳаси ўқиб эшиттирилди. Янги келишув лойиҳасида ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, ижтимоий имтиёзлар кўламини кенгайтириш ва меҳнат муҳофазасига оид замонавий талабларни татбиқ этиш кўзда тутилган.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Мазкур учрашув Шаҳрисабз туманидаги таълим фидойиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ижтимоий мулоқотнинг изчил давоми бўлди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий