Бухорода жамоа шартномаларини расмийлаштириш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди

Таълим соҳаси ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи асосий ҳужжат — жамоа шартномаларини янги давр учун сифатли тайёрлаш мақсадида бошланғич ташкилот раислари учун ўқув-услубий машғулот ташкил этилди.

Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан муҳим амалий-услубий семинар ўтказилди. Тадбир «2026-2028 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасини қабул қилишга оид меъёрий ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги мавзуга бағишланиб, унда тизимдаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари иштирок этдилар.

Семинар давомида иштирокчиларга янги уч йиллик учун жамоа шартномаларини тузишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳуқуқий жиҳатлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Хусусан, меъёрий ҳужжатларни халқаро ва миллий меҳнат стандартлари асосида расмийлаштириш, меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда қабул қилинган қарорларни баёнлаштириш тартиб-таомиллари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Мулоқот руҳида ўтган семинарда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, жамоа шартномаси орқали ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Шаҳар бўлинмаси кенгаши вакиллари ва соҳа мутахассислари томонидан ҳар бир саволга қонунчилик доирасида асослантирилган жавоблар ва амалий тавсиялар берилди. Бу каби ўқувлар таълим муассасаларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий