Муборакда жамоа шартномаси ижроси сарҳисоб қилинди ва янги истиқболлар белгиланди

2026 йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Муборак туман бўлинмаси кенгаши ташаббуси билан навбатдаги муҳим тадбир — меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ўтказилди. Муборак туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган ушбу йиғилиш таълим фидойиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкамлашга бағишланди.

Кун тартибидаги асосий масала сифатида 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномасининг 2025 йил давомида бажарилиш ҳолати батафсил кўриб чиқилди. Ҳисобот даврида ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, соғлиқни муҳофаза қилиш борасидаги имтиёзлар ва ходимларни моддий рағбатлантириш бандларининг ижроси таҳлил қилинди. Жамоа аъзолари ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларни ижобий баҳолаб, шартнома бандлари ходимлар манфаатига хизмат қилганини таъкидладилар.

Йиғилишнинг иккинчи муҳим босқичида 2026-2028 йиллар учун тузилган янги жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Янги уч йиллик ҳужжатда ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий кафолатларни кенгайтириш ва меҳнат муҳофазасига оид замонавий талабларни татбиқ этишга қаратилган бир қатор янгиликлар киритилган.

Муҳокамалар якунида меҳнат жамоаси томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, 2026-2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси бир овоздан тасдиқланди. Мазкур ҳужжат келгуси уч йил давомида мактаб жамоасида соғлом ишчи муҳитини сақлаш ва ходимлар фаровонлигини таъминлашда асосий ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Муборак туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий