Қўқон шаҳрида жамоа шартномалари ижроси ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди

2026 йил 4 февраль куни Қўқон шаҳридаги 8-, 9-, 10- ва 11-умумий ўрта таълим мактабларида меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишлари бўлиб ўтди. Тадбирларда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси О. Зияудинов иштирок этди. Йиғилишлар кун тартибидан 2023–2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси ҳамда 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасини қабул қилиш масалалари ўрин олди.

Тадбир давомида О. Зияудинов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳамда 2025 йил 17 октябрдаги касаба уюшмалари ва фахрийлар билан учрашувда белгилаб берган устувор вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидландики, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсон қадрини улуғлаш ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги топшириқлар янги тузилаётган жамоа шартномаларининг бош мезони бўлиши лозим.

Йиғилишларда 2025 йил давомида ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишлар сарҳисоб қилинди. Шундан сўнг, жамоа аъзоларининг таклиф ва мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилган 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, бир овоздан тасдиқланди.

Мулоқот руҳида ўтган йиғилишларда жамоа аъзолари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Касаба уюшмаси шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси томонидан ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси, ижтимоий имтиёзлар ва меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар бўйича берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди. Бу каби учрашувлар таълим муассасаларида соғлом ишчи муҳитини шакллантириш ва ходимларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий