Шофирконда мактабгача таълим ходимларининг ижтимоий ҳимояси сарҳисоб қилинди



2026 йилнинг 4 февраль куни Шофиркон туманидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида меҳнат жамоасининг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий диққат марказида 2023-2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг якуний босқичи — 2025 йилдаги ижро ҳолати ва янги муддатга режалар белгилаш масаласи турди.
Йиғилиш аввалида таълим ташкилоти директори ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисининг ҳисобот маърузалари тингланди. Маърузачилар 2025 йил давомида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда жамоада соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот бериб ўтдилар. Таъкидландики, жамоа шартномаси бандларининг изчил бажарилиши ходимларнинг иш самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шундан сўнг, кун тартибидаги иккинчи муҳим масала — 2026-2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасини қабул қилиш масаласи муҳокама қилинди. Жамоа аъзолари янги шартнома лойиҳасига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, ходимларга яратиладиган қўшимча имтиёз ва кафолатларни маъқулладилар.
Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Янги тасдиқланган жамоа шартномаси келгуси уч йил давомида мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлашда асосий ҳужжат бўлиб хизмат қиладиган бўлди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман бўлинмаси кенгаши
