Нарпайда Навоийхонлик кечаси: Буюк шоир таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда

Бугун Нарпай туманида адабиёт ва маънавият байрами ўзгача шукуҳ билан бошланди. Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу кечада туман ҳокимлиги вакиллари, маънавият тарғиботчилари, ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди.

Тадбирнинг аҳамиятини ошириш мақсадида кечага фахрий меҳмонлар — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, «Дўстлик» ордени соҳиби Хайриддин Бегматов ҳамда таниқли ижодкор Яхшигул Хидирова таклиф этилди. Сўзга чиққан нотиқлар Навоий меросининг нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон цивилизацияси тарихидаги беқиёс ўрни, шоир асарларида илгари сурилган инсонпарварлик ва одамийлик ғоялари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Маданий-маърифий кеча давомида Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди, шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ижодкорлар билан бўлган мулоқотлар ёш авлод қалбида миллий адабиётимизга бўлган фахр ва ифтихор туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилди.

Ушбу тадбир Нарпай туманида маънавий муҳитни юксалтириш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасидаги хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нарпай туман бўлинмаси кенгаши

Добавить комментарий