Манфаатлар ҳимояси ва ижтимоий шериклик: Наманганда янги истиқболлар белгиланди



Таълим муассасаларида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш — сифатли таълим тизимининг муҳим кафолатидир. Жорий йилнинг 17 февраль куни Наманган шаҳридаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ана шу эзгу мақсад йўлида муҳим анжуман ташкил этилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида ўтказилган ушбу умумий йиғилишда мактаб жамоасининг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгуси уч йиллик устувор вазифалар белгилаб олинди.
Сарҳисоб ва таҳлил
Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала — 2025 йил давомида жамоа шартномасида белгиланган тадбирларнинг ижроси бўлди. Мазкур масала юзасидан мактаб директори М.Муралимова ҳамда мактаб Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Т.Абдуллаеваларнинг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, муассасада меҳнат қилаётган 230 нафар ишчи-ходимнинг манфаатлари, меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий қўллаб-қувватланиши жамоа шартномаси орқали мустаҳкам ҳимояга олинган.
Янги давр — янги имкониятлар
Тадбирнинг энг муҳим қисмида 2026-2028 йиллар учун мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган ушбу ҳужжат ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилиб, бир овоздан тасдиқланди. Янги шартномада ходимлар учун қўшимча имтиёзлар, дам олиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилган.
Йиғилишда иштирок этган шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси А.Умаров сўзга чиқиб, жамоадаги соғлом муҳит ва ходимларга яратилган шароитларни юқори баҳолади ҳамда касаба уюшмасининг келгуси фаолияти юзасидан ўз тавсияларини берди.
Эътироф ва рағбат
Маънавий-маърифий тадбирлар ва таълим-тарбия жараёнида алоҳида жонбозлик кўрсатиб келаётган фидойи устозлар ҳам эътибордан четда қолмади. Жамоат ишларида фаол, ёш авлодга билим беришда фидойилик кўрсатаётган 18 нафар ходим касаба уюшмасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бу каби тадбирлар таълим соҳаси вакилларининг нафақат ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради, балки уларнинг ўз касбига бўлган меҳри ва масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар бўлинмаси кенгаши
