Хонқа туманида ижтимоий шериклик: Ходимлар манфаати — диққат марказида

Таълим муассасаларида соғлом меҳнат муҳитини яратиш ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда жамоа шартномалари энг муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Жорий йилнинг 10 март куни Хонқа туманидаги 43 ва 44-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ана шу эзгу мақсад йўлида навбатдаги сарҳисоб йиғилишлари ўтказилди.

Меҳнат жамоалари иштирокида ўтган ушбу анжуманларда ўтган даврдаги фаолият натижалари таҳлил қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Йиғилишлар кун тартибидаги асосий масала — 2023–2025 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг 2025 йил давомида бажарилиши бўлди. Мактаб директорлари ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисларининг ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар ходимларнинг меҳнат шароитлари, ижтимоий имтиёзлар ва моддий рағбатлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан тайёрланган далолатномалар ўқиб эшиттирилди ва жамоа аъзолари томонидан бир овоздан тасдиқланди. Кўрсаткичлар таҳлили шуни кўрсатдики, ҳар икки муассасада ҳам жамоа шартномаси бандлари тўлиқ ва сифатли бажарилган. Шу сабабли, ўтган даврдаги фаолият «қониқарли» деб баҳоланди.

Тадбирларнинг иккинчи қисмида 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаларини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди. Янги ҳужжат лойиҳаларида ходимларнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазаси ва дам олиш шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча бандлар киритилган.

Муҳокамалар якунида янги жамоа шартномалари тасдиқланди. Энг муҳими, мазкур ҳужжатларнинг ижросини тизимли равишда назорат қилиб борувчи янги таркибдаги Ижтимоий-меҳнат масалалари комиссияси ҳам шакллантирилди ва тасдиқланди.

Бу каби йиғилишлар меҳнат жамоасида жипсликни ошириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги ишончли мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, ходимнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси таъминланган даргоҳда таълим сифати ҳам, масъулият ҳам юқори бўлади.

Добавить комментарий