Ижтимоий шериклик ва ҳуқуқий кафолат: Ҳазорасп туманида жамоа шартномаси ижроси кўриб чиқилди



Таълим соҳаси фидойиларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда жамоа шартномаларининг ўрнига баҳо бериб бўлмайди. Жорий йилнинг 13 март куни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 53-сонли умумий ўрта таълим мактабида меҳнат жамоасининг ана шу муҳим ҳужжат ижросига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуманда мактаб маъмурияти ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг ўтган йилдаги ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида кун тартибидаги асосий масала юзасидан мактаб директори Ш.Ходжаева ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раиси С.Курбановаларнинг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, 2025 йил давомида ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси ва дам олиш вақтларини тўғри ташкил этиш йўналишида қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
Шундан сўнг, иштирокчиларга жамоа шартномасининг бажарилишини назорат қилувчи махсус комиссия томонидан тайёрланган далолатнома ўқиб эшиттирилди. Жамоа аъзолари ҳужжат ижросини муҳокама қилиб, ўтган даврдаги фаолиятни муносиб баҳоладилар.
Тадбирнинг яна бир муҳим ва аҳамиятли томони — 2026–2028 йиллар учун мўлжалланган янги жамоа шартномасининг қайта тузилиб, тасдиқланганлиги бўлди. Янги таҳрирдаги мазкур ҳужжатга педагог ва ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кенгайтиришга оид муҳим бандлар ва қўшимча имтиёзлар киритилди.
Бу каби очиқ, шаффоф ва конструктив руҳда ўтган йиғилишлар жамоада ўзаро ишонч ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, ўз манфаатлари ва ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинганини ҳис этган устознинг меҳнат самарадорлиги ҳам, таълим-тарбия жараёнига бўлган эътибори ҳам юқори бўлади.
