Урганч туманида ходимларнинг ҳуқуқий манфаатлари таъминланмоқда: 26-сонли ДМТТда муҳим йиғилиш

Мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган тарбиячи ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 18 март куни Хоразм вилояти Урганч туманидаги 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида (ДМТТ) ўтказилган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилди.

Анжуманда 2023–2025 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг ўтган йилдаги ижроси сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала юзасидан ташкилот директори ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раисининг ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар 2025 йил давомида ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва дам олиш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб ўтдилар.

Таҳлиллар ва ҳисоботлар якунига кўра, жамоа шартномаси бандларининг бажарилиши юзасидан тузилган далолатнома жамоа аъзолари томонидан тасдиқланди.

Тадбирнинг энг муҳим қисмида 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномасини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди. Янги ҳужжат лойиҳаси ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида бойитилган бўлиб, унда ишчи-хизматчилар учун қўшимча ижтимоий имтиёзлар кўзда тутилган.

Муҳокамалар якунида меҳнат жамоаси томонидан янги жамоа шартномаси бир овоздан маъқулланиб, расман тасдиқланди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч тумани бўлинмаси кенгаши раиси М.Мадаминова бевосита иштирок этди. У ўз сўзида жамоа шартномаларининг ходимлар ҳаётидаги аҳамияти, соғлом меҳнат муҳитини шакллантиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб, жамоанинг келгуси ишларига муваффақият тилади. Бу каби учрашувлар меҳнат жамоасидаги аҳилликни мустаҳкамлаш ва ҳар бир ходимнинг давлат ҳимоясида эканини ҳис қилиб яшашига хизмат қилади.

Добавить комментарий