Ҳазорасп туманидаги 1-мактабда ижтимоий шериклик сарҳисоб қилинди: янги жамоа шартномаси қабул қилинди

Ҳазорасп туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида маъмурият ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим натижалари муҳокама қилиниб, келгуси уч йиллик учун стратегик ҳужжат тасдиқланди.

2026 йилнинг 25 март куни Ҳазорасп туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида меҳнат жамоасининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир таълим соҳаси фидойиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ва соғлом ишчи муҳитини яратишга қаратилган энг муҳим ҳужжат — жамоа шартномаси ижросига бағишланди.

Йиғилиш кун тартибидан ўрин олган асосий масала юзасидан, яъни 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2025 йил давомида бажарилиши ҳолати бўйича мактаб директори А. Исмаилов ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси З. Рахмановаларнинг ҳисобот маърузалари тингланди. Маърузачилар томонидан ўтган йил мобайнида ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва ходимларга қўшимча имтиёзлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Шартнома бандларининг бажарилиши меҳнат жамоаси томонидан ижобий баҳоланди.

Тадбирнинг иккинчи муҳим қисмида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси кўриб чиқилди. Меҳнат жамоасининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, янги таҳрирдаги жамоа шартномаси қайта тузилди ва бир овоздан қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат келгуси йилларда ҳам мактаб жамоасининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Добавить комментарий