Олтиариқда ижтимоий шериклик: 6-ДМТТда ўқув-амалий семинар шаклидаги ҳисобот йиғилиши ўтказилди



Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 6-давлат мактабгача таълим ташкилотида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида муҳим тадбир — ўқув-амалий семинар руҳидаги жамоа шартномаси йиғилиши юқори савияда ташкил этилди.
Жорий йилнинг 26 март куни Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олтиариқ тумани бўлинмаси кенгаши тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида (ДМТТ) меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Эътиборлиси, мазкур ҳисобот йиғилиши анъанавий қолиплардан четга чиққан ҳолда, тажриба алмашиш ва ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-амалий семинар тариқасида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг масъул ташкилотчиси Н. Мирсалимова, туман бўлинмаси кенгаши раиси Г. Ахмедова, шунингдек, тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотларининг бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари иштирок этдилар. Йиғилиш давомида меҳмонлар томонидан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва ходимлар манфаатини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалар доирасида 2023–2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан 6-ДМТТ директори М. Хошимова ҳамда ташкилотнинг бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ҳ. Воҳидоваларнинг ҳисоботлари тингланди. Маърузачилар ўтган йил давомида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш йўлида амалга оширилган ишлар ва жамоа эришган ютуқларни таҳлил қилиб бердилар.
Жамоа шартномаси бандларининг бажарилишини назорат қилувчи ишчи комиссия хулосасига кўра, 2023–2025 йилларга мўлжалланган мазкур ҳужжатнинг 2025 йилдаги ижро ҳолати «намунали» деб баҳоланди.
Тадбирнинг мантиқий давоми сифатида кун тартибидаги яна бир асосий масала — 2026–2028 йиллар учун мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Янги ҳужжатда ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларини янада кенгайтиришга қаратилган муҳим бандлар ўрин олган бўлиб, у меҳнат жамоаси аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди ва бир овоздан маъқулланди. Бу каби амалий семинарлар тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
