Хавфсиз меҳнат — саломатлик гарови: Қўқонда ўқитувчилар ўртасида иншолар танлови ўтказилди.

Инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи ҳар қандай иш натижасидан устундир. Айниқса, келажак авлодга таълим-тарбия бераётган устозларнинг хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларида фаолият юритиши давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни олдидан Қўқон шаҳридаги таълим муассасаларида кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўқон шаҳар бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги тадбир соҳа ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилди. Тадбирни бўлинма раиси Орифхон Зиёвиддинов очиб берар экан, меҳнат муҳофазаси фақатгина техник хавфсизлик эмас, балки ходимнинг руҳий ва жисмоний хотиржамлигини таъминловчи тизим эканлигини таъкидлади. Шунингдек, амалдаги қонунчиликдаги янгиликлар ва иш берувчи ҳамда ходимнинг мажбуриятлари юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбирнинг энг қизиқарли қисми она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Меҳнатни муҳофаза қилиш — инсон саломатлигининг кафолати” мавзусидаги иншолар танлови бўлди. Ўқитувчилар нафақат ўзларининг бадиий маҳоратларини, балки иш жойидаги хавфсизлик қоидаларига оид теран фикр-мулоҳазаларини ҳам қоғозга туширдилар. Ижодий ишларда меҳнат маданияти, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва жамиятда хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш ғоялари илгари сурилди.

Мазкур маърифий кечада соҳанинг фидойи вакиллари ва масъул раҳбарлар иштирок этдилар:

  • Нозимахон Мирсалимова — Касаба уюшмаси Республика кенгашининг масъул ташкилотчиси;
  • Мансурхон Хотамов — Меҳнат муҳофазаси инспектори;
  • Дилфузахон Алимова — Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари;
  • Лазизахон Алиева — ММТБ бошлиғи ўринбосари.

Тадбир якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг мазмунли ва таъсирли деб топилган иншолар муаллифлари сараланади. Ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши ҳамда шаҳар бўлинмаси томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланиши режалаштирилган.

«Бу каби тадбирлар ўқитувчиларнинг нафақат ҳуқуқий билимини оширади, балки уларда ўз хавфсизлиги ва соғлиғига бўлган масъулият ҳиссини янада кучайтиради,» — дейди ташкилотчилар.

Бу каби тизимли ишлар таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг давлат ва касаба уюшмалари ҳимоясида эканлигининг яққол намунасидир.

Добавить комментарий